-Ҳой, крандан сув ичма!
Ана чойнакда совуқ чой бор. Кеча Сурайё холанг ҳам крандан сув ичиб, қорни оғриб қолганини айтди.
Севара 12 яшар ўғли Комилжонни койиб, сув
тўлдирилган пиёлани унинг қўлидан тортиб олди.
-Ойи, мактабда ўқитувчимиз, крандаги сув
тоза, уни мутахассислар бир неча маротаба текшириб, зарарсизлантириб, кейин
истеъмол учун узатишларини айтувдилар.
-Ўқитувчинг айтаверади-да, ундан кўра сен
менинг гапимга қулоқ сол. Қара, жўмракдан сувнинг оппоқ бўлиб оқишини?! Ғирт
хлор.
Бундай ҳолатларни деярли ҳар бир
хонадонда кузатиш мумкин. Биз ҳар куни истеъмол қилаётган сувимиз қанчалик тоза
ва истеъмолга яроқли? Краннинг жумрагидан оқаётган сувни қайнатмасдан ичиш
мумкинми? Пойтахтимизга етказиб берилаётган оби-ҳаёт қандай текширишлардан
ўтади? Мазкур саволларга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат
қўмитаси “Сувсоз” давлат унитар корхонаси кўмагида “Қодирия” сув олиш иншооти ва Салар аэрация станциясига ташкил
этилган медиа-тур давомида жавоб олдик.
Қулай, барқарор атроф-муҳитни
яратишда асосий эътибор биринчи галда аҳолини тоза ичимлик суви билан
таъминлашга қаратилади. Зеро, етказиб
бериладиган сувнинг тозалиги ва истеъмолга яроқлилиги биринчи галда аҳоли саломатлилигининг гаровидир. “Сувсоз” ДУК
Ўзбекистон Республикасида йирик коммунал
корхоналаридан бири бўлиб, унинг
асосий вазифасига Тошкент шаҳрини узлуксиз сифатли ичимлик суви билан
таъминлаш, шаҳар оқова сувларини ажратиш ҳамда тозалаш киради. Сув иншооти 1969
йилда босқичма -босқич қурила
бошланган. Айни пайтда иншоот томонидан
аҳолига етказиб бериладиган сув тоза бўлиб, барча давлат стандартларига мос
келади.
-Бугунги кунда Тошкент
шаҳрининг водопровод билан таъминланганлик даражаси 99 фоизни, канализация
билан эса 92 фоиздан ортиғини ташкил этади. Шаҳар аҳолиси ҳар куни 1,375 млн.м3
атрофида ичимлик сувини истеъмол
қилади, дейди “Қодирия” сув олиш иншооти бош маслаҳатчиси Зокир Салиходжаев. –
Айни пайтда Тошкентга бир сонияда 20 м3 сув узатилади. Пойтахтнинг
сув таъминоти 7 та сув олиш иншоотлари орқали амалга оширилади, шулардан бири
Қодирия сув иншоотидир. Шаҳар сув таъминоти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш
ва такомиллаштириш, қувват тежайдиган технологияларни жалб этиш, шаҳарни
ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашни кучайтириш, шунингдек, корхонанинг
молиявий аҳволини яхшилаш учун шаҳар хокимияти ҳамда Европа тикланиш ва
тараққиёт банки ўртасидаги кредит келишуви доирасида 10 миллион АҚШ доллари
миқдорида “Тошкент шаҳар сув таъминоти тизимини такомиллаштириш” инвестицион
лойиҳаси тўлиқ амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ишлатиб бўлинган жиҳозларни
замонавийларига алмаштириш билан учта йирик сув чиқарувчи иншоотнинг қайта
таъмирланиши амалга оширилди. Лойиҳа доирасида “Қодирия” водопроводининг бош
иншоотларида янги насосларни ўрнатиш, назорат ва бошқарувнинг
автоматлаштирилган тизимини жорий этиш орқали биринчи кўтарилишнинг иккита
насос станцияларида горизонтал насослар алмаштирилди ҳамда эксплуатацияга
топширилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида электр қувватининг ойлик
иқтисоди соатига 2,5 млн.кВт ёки 20-25
фоизни ташкил этди. Ботувчи насосларни янги русумдаги насосларга алмаштириш,
назорат ҳамда бошқарувнинг автоматлашган тизимини жорий этиш орқали Қибрай
водопровод иншоотларида таъмирлаш ишлари ўтказилди.
“Қодирия” сув олиш иншоотида 200
нафар ишчи эгилувчан жадвал асосида кечаю-кундуз меҳнат қилишади. Аксарият
ишчилар оталарининг йўлларини давом этиб келишмоқда. Дарахтлар ва гуллар
экилган йўлаклардан иншоотнинг сув тозалаш цехига ўтиб борар эканмиз, атрофнинг
ободонлиги инсоннинг кўзини қувонтиради. Цехда
қатъий тозаликка риоя қилинади. “Сувсоз” трести бош муҳандисининг муовини
Ғайбулла Эргашевнинг фикрига кўра, иншоотдан узатилаётган сув юз фоиз тозадир.
Аммо баъзи ҳолатларда сувнинг бир оз хиралиги, бугунги кунда мавжуд сув узатиш
қувурларининг 55 фоизи талабга жавоб бермаслиги оқибатидадир. Мазкур муаммони
ечиш учун 35,70 млн. АҚШ доллари
миқдорида Ислом тараққиёт банки иштирокида “Тошкент шаҳар канализация тизимини
такомиллаштириш” инвестицион лойиҳаси амалга оширилиб, қувурларни таъмирлаш йўлга қўйилмоқда.
Сув чиқариш иншоотларининг
кимёвий-бактериологик лабораторияси кечаю- кундуз фаолият юритиб, унинг
ходимлари Тошкент шаҳрига узатиладиган ичимлик сувининг таркиби ҳамда сифатини
таҳлил қиладилар. Бундан ташқари
“Сувсоз” шаҳар бошқармасининг лабораториялари 300 та объектларда, яъни
болалар боғчалари, мактаблар, бозорлар ва бошқаларда сув назоратини амалга
оширишади.
-
Кимёвий таҳлиллар бир ойда бир
марта олиниб, қисқа кимёвий таҳлиллар, яъни сувга турли хил оқава сувларнинг
қўшилиши мумкин бўлган жойда бир кунда икки маротаба намуна олиниб,
текширилади, дейди биз билан суҳбатда кимёвий-бактериологик лаборатория бошлиғи
Фарида Агзамова. -Ҳар 3 соатда
олинадиган намуналар сувнинг сифатини кўрсатиб берувчи омил ҳисобланади.
Бактериологик таҳлиллар эса бир кунда
бир маротаба, кириб келаётган манбада олинади. Бу таҳлиллар натижасида сувга
қай пайтда қанча регентлар қўшиш мукинлигини кўрсатади.
Иншоот юқори нуқтада
жойлашганлиги сабабли тозаланган сув ўз оқими билан келиб шаҳарга узатилади.
Айтиш жоизки, пойтахтимизни тоза
ичимлик суви билан мунтазам таъминлаб бериш учун 310 та водопровод-канализация
насос станциялари фаолият юритиб, уларнинг аксарияти автоматлаштирилган режимда
ишлайдиган замонавий насос агрегатлар бўлиб, улардан фойдаланиш натижасида 2012
йилга нисбатан электр қувватини ўртача
йиллик иқтисод қилишни модернизациялаш
натижасида соатига 5,963 миллион киловатни ташкил этди. Модернизациялаш
ишларини давом эттириш ва Вазирлар Махкамасининг 2013 йил 25 июндаги “Тошкент
шаҳрининг ичимлик суви таъминоти ва сувоқова тизимига замонавий энергия тежайдиган
технологияларни тадбиқ қилиш ва модернизация қурилиш чора-тадбирлари тўғрисида”
Қарорининг ижросини таъсинлаш учун “ГРУНДФОС” компанияси билан 3456,1 минг евро
миқдорида 239 та агрегат насосларини олиб келиш бўйича келишув имзоланган.
Салор аэрация станцияси
иккиламчи сув манбаи
Канализация сувларини тозалаб, улардан
фойдаланиш бутун дунёда кенг тарқалган.
Айниқса кескин сув етишмовчилиги муаммосидан
азият чекаётган давлатлар билан бир қаторда, бир қарашда сув сероб
бўлган Европа давлатларида ҳам мазкур усул кенг қўлланилади. Зеро, ичимлик
сувидан фақатгина мақсадли фойдаланиш, хўжалик эҳтиёжларига эса иккиламчи
тозаланган сувларни ишлатиш оби-ҳаёт муаммосини қисман бўлсада ҳал қилишга
ёрдам беради.
Тошкент шаҳри ва унинг
атрофидаги ҳудудларни канализация сувларининг зараридан муҳофазалаш ва
фойдаланган сувни тозалаш вазифасини Салор аэрация станцияси ўтайди. 82 гектар
ерда жойлашган иншоотда 240 нафар ишчи меҳнат қилади.
Унинг тарихига назар ташласак,
1924 йилларда Тошкент шаҳрига “Первенец” номли ичимлик суви етказиб бериладиган
станция қурилган. Аммо оқова сувларининг
тозаланиши муаммо бўлиб қолган эди.
Шу сабабли шаҳар ташқарисида ,
ҳозирги тумани Саъдий кўчасида, Салор ариғи қирғоғининг бўйига 1935-37 йилларда
станция қурилиши бошланиб, 1961 йил 12 апрель куни фойдаланишга топширилган.
1980 йилларга келиб иншоотнинг кучи 970 минг куб сувни тозалаш қувватига эга
бўлди. Ҳозирга келиб бир суткада 750-800 минг куб оқова сув қабул қилиниб,
тозалаб, зарарсизлантиргач, Салор
ариғига оқизилади ва ундан балиқчилик хўжаликлари фойдаланади.
-Сув бир неча босқичда тозаланади, дейди Салор аэрация станциясининг бошлиғи Камолбой Сарибоев.- Биринчи босқич
механик усулда тозалаш бўлиб, унда сувдаги
ахлатларнинг барчаси ушлаб қолинади. Сўнг сув каналлар орқали бирламчи сув
тиндиргичларга ўтилиб, ундаги ноорганик моддалар 30-40 фоизгача ушлаб қолинади. Биологик тозалаш бўлимида 60
метрли учта секцияли аэротехника мавжуд бўлиб, 805 метрли 7 та секция
аэротехника ва 22 та иккиламчи тиндиргичда тозаланади. Ҳавони ҳайдаш бўлимида
эса атмосферадаги ҳаво сўрилиб, аэротехника қувурларига тақсимланади. Бунда
сувдаги мавжуд органик моддалар нордонлаштирилиб, тозаланади. Бундан сўнг сув иккиламчи тиндиргичларга ўтказилиб, у
ерда сувнинг лойқаси пастга туширилгач, тинган сув каналлар орқали хлорлаш учун
каналга жўнатилади. 1996 йилга қадар
станцияда сув газсимон хлорда зарарсизлантирилган. Ушбу модданинг аҳоли соғлиғига
зарарини инобатга олиб, 2013 йили гипохларид натрий цехи ишга туширилиб, сувни зарарсизлантирилиб мазкур кимёвий
моддалар билан тозалана бошланди. Бу
жараёнда сувдаги мавжуд паразитлар, бактериялар нобуд бўлади.
Чўктирилган лойқа ҳам бир неча маротаба тиндирилиб, зарарсизлантирилиб қуйқа
майдонига ташланади. У ердан “Махсустранс” ташкилоти чиқиндиларни ташқарига
олиб чиқиб кетишади. Ўтган йилдан бошлаб
Ислом тараққиёт банкидан олинган кредитга асосан тозалаш
конструкцияларнинг металл қурилмалари алмаштирила бошланди. Ушбу реконструкция
7 та босқичдан иборат бўлиб, тозалаш жараёни тўхтаб қолмаслиги учун қурилмалар
навбатма-навбат тўхтатилади.
Албатта аэрация станциясида ҳам
кимёвий-бактериологик лаборатория мавжуд бўлиб, сув станциядан чиқиб, Салор
ариғига ташланганига қадар кунига бир неча маротаба намуналар олиниб, сув
тозалиги таҳлил қилинади. Бу жараёнда оқава сув 80 фоизгача тозаланади. Бугунги кунда аэрация станцияси аҳоли
яшайдиган ҳудудга кириб қолганлиги учун уни 2030 йилгача босқичма-босқич шаҳар ташқарисига кўчириш лойиҳаси ишлаб
чиқилган.
Салор аэрация станцияси ходимларини
қийнаётган асосий муаммолардан бири аҳолида экологик маданиятни етишмаслиги,
ариқ ва канал бўйида истиқомат қилаётганлар барча ахлатни сувга ташлашлари
бўлса, иккинчи муаммо йирик корхоналар томонидан кимёвий зарарланган чиқинди
сувларини сув ҳавзаларига оқизишидир. Бундай корхоналарда сувни фильтрлаш
қурилмалари мавжуд бўлсада, уларни ишлатишдан кўра, белгиланган жаримани тўлаш
уларга арзонга тушмоқда. Оқибатда атроф-муҳитнинг зарарланиши ортмоқда.
Албатта, бу омил аҳолининг соғлиғига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай
қолмайди.
Табиат ҳеч қачон янгилишмайди ва
дунёдаги мавжуд сув Ер шарининг аҳолисига етади. Аммо инсониятнинг ундан мақсадсиз,
исроф қилган ҳолда фойдаланиши ичимлик сувининг муаммосини келтириб чиқармоқда.
Оддий ҳисоб-китоблардан маълумки, Ўзбекистонда аҳоли бир куни атиги 14 литр
сувни истеъмол қилиб, қолган 300 литрини ифлослантириб тўкиб ташлайди. Бугунги
кунда 1 м3 сувнинг нархи 265 сўм бўлиб, унинг арзонлиги ҳам қисман
мазкур муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Яна бир муаммо тоза ичимлик
сувининг қишлоқ хўжалигида ишлатилишидир. Мутахассисларнинг фикрига кўра,
юртимизда 1900 минг куб сув ушбу
мақсадларда ишлатилиб келинмоқда, бу эса яна бир марта ҳар биримиздан
оби-ҳаётни тежаш ва йилдан-йилга кескинлашиб бораётган ичимлик суви
муаммосининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшишни талаб этади.
Наргис ҚОСИМОВА.
Муаллиф олган суратлар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий