Бундан беш олти йил аввал булунғурлик бир
курсдошимизнинг тўйига борган эдик. Тўй чорбоғда,
катта-катта ёнғоқлар, тераклар, мевали дарахтлар соясида ўтганди...
— Табиат анча инжиқ бўлиб қолди, — дейди
дўстимизнинг отаси Қудрат ака. — Экилган ҳар бир кўчатга, аввалгиларидан
бир-неча баробар кўпроқ эътибор, ғамхўрлик зарур. Сув танқислиги юзага
келаётгани етмаганидек, турли касаллик ва зараркунанда турлари ҳам пайдо бўла
бошлади. Вазият шундай экан, кўчат парваришига янада жиддий эътибор қаратишимиз
керак. Бунинг учун, нафақат экиш, балки уларни кесишнинг ҳам тартиб қоидаларига
аҳамият бериш зарур. Масалан, қишнинг аёзи чекина бошлаганида янги қурилажак
иморат учун терак кесиш ҳар томонлама наф беради. Барглари “уйғониб” улгурмаган
дарахтни бирор ўнғайроқ — ёш кўчатлар кам ўсган томонга ағдариш осон бўлади.
Асосийси, баҳорда қадимий нақлимизга
амал қилишнинг айни мавриди бўлади. Яъни, бир дарахтни кесиб, ўрнига ўн туп
кўчат экиш имконияти туғилади.
Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё
миқёсида ўн уч миллион гектарга яқин майдондага дарахтзор инсонларнинг
таъсирида, табиий офатлар туфайли
эса минг-минглаб гектар ўрмонлар қисқариб кетмоқда. Дунё ҳамжамиятининг бу
борадаги глобал муаммоларнинг олдини олиш мақсади ифодаси ўлароқ, Бирлашган
Миллатлар Ташкилоти томонидан 2011 йил сайёрамизда “Халқаро ўрмон йили” деб
эълон ҳам қилинди.
Жумладан, республикамиз
Конституцияси ҳамда 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг
«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунида ҳам атроф-муҳит муҳофазаси билан
боғлиқ тартиб-қоидалар аниқ белгилаб қўйилган.
Яшил бойлигимизни муҳофазалаш,
уларнинг сарҳадларини кенгайтириш ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш Қишлоқ ва
сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси зиммасига
юклатилган.
Мазкур бошқармадан маълум
қилишларича, мамлакатимиз ўрмон хўжалиги ходимлари бундай ҳудудлар майдонини
кенгайтириш мақсадида ҳар йили 40 минг гектардан кўпроқ янги ўрмонзорлар барпо
этмоқда. Бир юз эллик тоннага яқин турли дарахт ва бута уруғи, 40 миллион
донадан зиёд манзарали ҳамда мевали дарахт кўчати етиштирилаяпти.
Мамлакатимиз ўрмон хўжалиги
ходимлари 2011-2015 йилларга мўлжалланган дастур асосида ўрмонзорларни барпо
этиш ва кенгайтиришда ҳар бир минтақанинг ўзига хос табиий шароитини алоҳида
эътиборга олган ҳолда иш олиб бормоқдалар.
Табиатни муҳофаза қилиш Давлат
қўмитаси ана шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида юз йил ва ундан ошиқ
умр кўрган дарахтларга муҳофаза этиладиган табиий ёдгорлик мақомини бермоқда.
Аҳамиятлиси, мамлакатимизда ҳозиргача мингдан ортиқ ана шундай дарахт рўйхатга
олинган.
Шунингдек, ўтган йил давомида
республикамиз туман ва шаҳар марказлари, аҳоли турар-жойлари, маҳаллалар,
кўчалар чети ва хиёбонларда 130 миллион дона атрофида дарахт кўчатлари экилган
ва жорий йилги мавсумга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилгани эса янада
қувонарлидир.
Мутахассислар томонидан
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё вилоятлари
ҳудудларидаги қисман шўрланган, шўрланишга мойил, суғориладиган ерларда
кўктерак, қоратол, жийда кўчатлари ва қаламчалари, қайрағоч, заранг, шумтол,
тут, наъматак каби дарахт ва буталарни экиш тавсия этилмоқда. Сурхондарё
вилоятида элдор қарағайи кўчатлари, қумлик ерларда саксовул ва қандим, шўрланмаган
ёки оз миқдорда шўрланган жойларда юртимизда ўсадиган барча дарахт ва бута
кўчатлари экилмоқда. Шаҳарларда асосан манзарали дарахтлар, чиройли гуллайдиган
буталарни махсус дизайн асосида экиш тавсия этилмоқда.
Фермерларга эса ғалла ва пахта
далалари четига наъматак кўчатлари экиш мақбул бўлмоқда. Бу буталар экинларни
чорва моллари пайҳон қилишидан сақлаш билан бирга, ҳудуд экологиясини яхшилашга
хизмат қилади. Ушбу тавсиялар тасдиғи сифатида Жиззах вилоятидаги “Қўшбоқов
Мугаммед” фермер хўжалиги раҳбари Мугаммед Қўшбоқов фикрлари билан ўртоқлашдик:
— Фермер хўжалигимизга қарашли 4
гектар ер майдонининг бир тарафи катта ички йўлга туташ, — дейди Мугаммед ака.
— Бу йўлдан асосан чорва моллари яйловга ўтиб-қайтади. Биз бу ерда табиий “яшил
девор” бунёд этиб, экинларнинг пайхон бўлиш муаммосини бартараф этганмиз.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, йўл четига наъматак эккан эдик. Бу ўсимлик кам сув ва кам қаров талаб этганлиги боис, тез
ўсиб ривожланди. Эътиборлиси, ўтган йили “яшил девор” яхшигина ҳосил ҳам берди.
Бу табиий неъматнинг бир килограмини 7-8 минг сўмдан ҳисоблаб, харидорларга
топширдик. Баҳор келиши билан наъматак қаторининг ҳар-ҳар жойига жийда
қаламчаларини экишни режалаштириб қўйдик. Ундан кейин “девор” янаям пишиқ
бўлади.
Мутахассисларнинг
таъкидлашича, жийда ноқулай атроф-муҳит омилларига чидамли дарахт. Сув
танқислиги ва шўрланишга бардошли. У азот ўзлаштирувчи дарахт тури
ҳисобланганлиги учун тупроқ унумдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Асосийси, уч йил ичида шиғил мева бера бошлайди. Меваси эса шифобахш, анъанавий
тиббиётда кенг қўлланилади.
Дарахтлар
қандай катта-кичикликда, кўринишда бўлмасин, атроф муҳит учун мислсиз фойда
келтиради. Юртимизда амалга оширилаётган табиатни асраш борасидаги кенг кўламли
тадбирлар замирида ҳам табиатнинг инсон учун яратган бебаҳо инъомларидан тўғри
ва оқилона фойдаланиш, уларни асл ҳолида келажак авлодларга етказиш мақсади
мужассамдир. Ушбу хайрли ишларда фаол иштирок этиш, юртимизни обод ва яшил
гўшага айлантириш барчамизга дахлдорлигини унутмаслигимиз керак.
Икром
ХОЛЙИГИТ
"Фермер" журнали (2014 й. 1-сон.)

Комментариев нет:
Отправить комментарий